Ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ушбу Қонунга мувофиқ эътироф этилиб, унга бўлган ҳуқуқ белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин мазкур ер участкаси қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда ва асосларда хусусийлаштирилиши мумкин.
Бинолар ва иншоотлар, шу жумладан якка тартибдаги уй-жойлар қуриш орқали ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси суғориладиган ерларда жойлашган тақдирда, ҳуқуқларни эътироф этиш масаласи ер фондининг тоифаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўзгартирилганидан кейин кўриб чиқилади.
Ушбу ҳолат хам кўриб чиқилади бу ерда хам икки босқичда амалга оширилади биринчи босқичда кадастр ходимлари хатлов ўтказади иккинчи босқичда ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилиб хулоса беришади.
Бундай ҳолатни асосий шартлари:
фуқаро боғдорчилик ва узумчилик ширкати аъзоси бўлиши керак;
ер участкаси бошқа жисмоний ва юридик шахсларга ажратилмаган ёки электрон онлайн-аукционга қўйилмаган бўлиши керак;
мазкур ер участкасидан фойдаланиш юзасидан жисмоний ва (ёки) юридик шахслар ўртасида низо мавжуд бўлмаслиги керак;
мазкур ер участкаси учун ер солиғи бўйича, унда қурилган бинолар ва иншоотлар учун эса мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик мавжуд бўлмаслиги керак.
Бу масалага ҳуқуқий тарафдан ёндашадиган бўлсак, ушбу қонун аввалам бор давлат ташкилотларига йўналтирилган яъни давлат ташкилотларни қандай ишларни амалга оширилиши вазифалари мажбуриятлари белгиланган. Яъни барча ҳаракатлар давлат ташкилотлари томонидан амалга оширилади шунинг учун фуқаролар ҳеч қаерга мурожаат қилмайди.
Ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахс вафот этган тақдирда, бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи ҳамда ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ушбу вафот этган шахс номига эътироф этилади. Бунда мазкур объектга нисбатан меросни расмийлаштириш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ворислик тартибида ҳал этилади.
Бир марталик тўловни тўлашдан қуйидагилар озод этилади:
1) бир марталик умумдавлат акцияси доирасида бир марталик йиғимни тўлиқ тўлаган шахслар;
2) I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар.
«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига киритилган шахслардан бир марталик тўлов ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган тўловнинг эллик фоизи миқдорида ундирилади.
Агар ҳужжатлари мавжуд бўлган кўчмас мулк объектида ортиқча ер участкаси эгалланган бўлса, ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини эътироф этиш учун бир марталик тўлов ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқининг ўртача бозор қиймати миқдорида ундирилади.
Ўзбошимча эгалланган ер участкаси ва унда қурилган бино ва иншоотларга ҳуқуқларни эътироф этиш учун қуйидаги миқдорларда бир марталик тўлов ундирилади:
1) Тошкент шаҳрида — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида;
2) Нукус шаҳрида ва вилоятлар марказларида — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида;
3) вилоятлар бўйсунувидаги бошқа шаҳарларда — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида;
4) бошқа аҳоли пунктларида — базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида.
Ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини ҳамда унда қурилган бино ва иншоотга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги қарорлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан қабул қилинади.
Қарорда қуйидагилар кўрсатилади:
1) ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда унда қурилган бино ва иншоотга бўлган мулк ҳуқуқи эътироф этилаётган шахслар ҳақидаги маълумотлар (фуқаролар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва туғилган йили, юридик шахс бўлган резидентларнинг тўлиқ номи, рўйхатдан ўтган санаси ҳамда солиқ тўловчининг идентификация рақами);
2) ижара ҳуқуқи эътироф этилаётган ер участкаси жойлашган манзил, майдон, ундан амалда фойдаланилиш мақсади, у эгаллаб олинган йил;
3) мулк ҳуқуқи эътироф этилаётган бинолар ва иншоотлардан амалда фойдаланилиш мақсади.
Ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан мақсадга мувофиқ деб топилган тақдирда, Кадастр агентлиги томонидан тегишли шахсларнинг телефон рақамига белгиланган бир марталик тўловни йигирма иш куни ичида тўлаш тўғрисидаги хабарнома автоматлаштирилган ахборот тизими орқали юборилади.
Ер участкалари бошқа маъмурий-ҳудудий бирлик таркибидан Тошкент, Нукус шаҳарлари ёки вилоят марказлари ҳудуди таркибига ўтказилган ҳолларда, ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқи улар аввал жойлашган маъмурий-ҳудудий бирликдаги ижара ҳуқуқини эътироф этиш шартларига мувофиқ эътироф этилади.
Қонунга асосан ер участкасини миқдорини белгиланиши ушбу ер участкасини эгалланган йили ҳисобга олинган яъни ер участкаси 1998 йил 1 июлга қадар эгалланган бўлса – барча ҳудудда 0,24 гектаргача;
1998 йил 1 июлдан 2018 йил 1 май кунига қадар эгалланган бўлса – Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 0,06 гектар, қолган ҳудудларда 0,12 гектардан ошмаган ҳажмда эътироф этилиши белгиланди.
Агар ушбу меъёрлардан хам ортиқ бўлса бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаса ер участкасининг ортиқча эгалланган қисмига бўлган ижара ҳуқуқи, деҳқон хўжалигини ёки томорқа хўжалигини юритиш учун эътироф этилиши мумкин.
Барча шартларга жавоб берадиган бўлиб, фақат солиқдан қарзи бўлса, бундай ҳолатлар рад этилмиди. Солиқдан қарзларни тўлаш учун икки ой муддат берилади. Ушбу муддатда тўлов амалга оширилгунча ўша объект бўйича жараёнлар тўхтатиб турилади. Тўлов қилинганидан сўнг жараён давом эттирилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан электрон йиғмажилд, маълумотлар ва ҳужжатлар ушбу Қонун талабларига мувофиқлиги жиҳатидан икки ой ичида ўрганилади, ва ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш асослилиги тўғрисида хулоса тайёрлайди.
Автоматлаштирилган ахборот тизимида тўлиқ шакллантирилган электрон йиғмажилд маълумотлари тегишли фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари биноларининг эълонлар учун бурчакларида, Кадастр агентлигининг расмий веб-сайтида ҳамда бошқа ахборот манбаларида жамоатчиликка эълон қилинади.
Шунда Манфаатдор жисмоний ва юридик шахслар йиғилган маълумотлар ва ҳужжатлар бўйича эътирозлари мавжуд бўлган тақдирда, бир ой ичида улар бўйича ваколатли ташкилотларга шикоят қилиши мумкин бўлади.
Ушбу босқичда ўндан зиёд давлат ташкилотлари қатнашади. Асосий ташкилотлар қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бўлинмалари;
туман (шаҳар) ҳокимликлари;
Қорақалпоғистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар инвестициялар, саноат ва савдо бошқармалари;
туман (шаҳар) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлимлари;
туман (шаҳар) санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимлари;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси;
Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги;
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Ўздаверлойиҳа» давлат илмий-лойиҳалаш институти.
Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бўлинмалари томонидан режа-жадвал асосида маҳаллалар кесимида хар бир кўчмас мулк объекти бўйича хатлов ишлари олиб борилади. Хатлов натижаси бўйича автоматлаштирилган ахборот тизими кўчмас мулк объектининг электрон йиғмажилди яратилади.
Электрон йиғмажилдга қуйидаги маълумотлар киритилади (бириктирилади):
1) ер участкасининг кадастр рақами;
2) ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар тўғрисидаги маълумотлар:
фуқаронинг ва якка тартибдаги тадбиркорнинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, доимий яшаш жойи ва телефон рақами;
резидент бўлган юридик шахснинг тўлиқ номи, рўйхатдан ўтган санаси, манзили, солиқ тўловчининг идентификация рақами ва ушбу юридик шахс раҳбарининг телефони рақами;
3) ер участкаси жойлашган манзил, ер фондининг тоифаси ва майдони, шунингдек 1984 йилги координаталар бутунжаҳон геодезия тизимидаги (WGS-84) шартли чегаралар;
4) ер участкасининг жойлашув схемаси;
5) ер участкасидан амалда фойдаланилиш мақсади;
6) ер участкасининг ушбу Қонун 1-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолатлардан бирига мансублиги.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларини ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларни босқичма-босқич хатловдан ўтказиш ҳар йилги режа-жадвал асосида амалга оширилади.
Режа-жадвал Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг таклифига кўра Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги (бундан буён матнда Кадастр агентлиги деб юритилади) томонидан тасдиқланади
Хатлов ўтказилиши икки босқичда бўлади: биринчи босқичда кадастр ходимлари томонидан жойига чиқиб кўчмас мулк объектларини бирма-бир хатловдан ўтказада иккинчи босқида давлат ташкилотларидан ташкил топган ишчи гуруҳи томонидан жойига чиқиб ўрганиш ўтказиб ўз хулосаларини тақдим этиб боришади.
Ҳуқуқларни эътироф этишнинг асосий шартлари сифатида қуйидагиларни айтишимиз мумкин яъни:
1) ер участкаси бошқа шахсга ажратилмаганлиги ёки аукционга чиқарилмаганлиги;
2) ер участкасидан фойдаланишда низо мавжуд эмаслиги;
3) ер ва мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги;
4) муҳофаза зонасида, суғориладиган ерда жойлашмаганлиги;
5) бош режа талабларига зид эмаслиги
ортиқча эгалланган ер участкаси — ер участкасига бўлган ҳуқуқларни белгиловчи ҳужжатларда кўрсатилган ер участкаси майдонидан ортиқ бўлган, ер участкасининг чегарасидан ташқарида, унга туташ ҳудудда жойлашган ер майдони.
ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси — фуқаролар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва резидент бўлган юридик шахслар томонидан ер участкасига бўлган ҳуқуқларни белгиловчи ҳужжатларсиз, шу жумладан бундай ҳужжатлар йўқолган ёки тўлиқ расмийлаштирилмаган ҳолда эгаллаб келинаётган ёки ортиқча эгалланган ер участкаси.
Қонунда 2018 йил 1 майга қадар қурилган бино ва иншоотларга ва ер участкаларига ҳуқуқлар эътироф этилиши кўрсатиб ўтилган.
Ушбу йилдан кейин қурилганларга ҳуқуқлар эътироф этилмайди.
Қонунда 8 та ҳолатдаги ер участкаларига ва улардаги бинолар учун ҳуқуқларни эътироф этиш имконият яратилди:
· 2018 йил 1 майга қадар ўзбошимчалик билан эгаллаган ер участкаси ҳамда унда қурилган уй-жойлар;
· Ортиқча эгалланган ер участкаси ҳамда унда қурилган бинолар;
· “Бир марталик акция” доирасида ҳуқуқларни эътироф этиш охирига етмаган уй-жойлар;
· 2021 йил 8 июнга қадар туман (шаҳар) ҳокими қарори билан ажратилган, лекин вилоят даражасида тасдиқланмаган ерлар;
· Боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойлар ҳамда улар эгаллаган ерлар;
· Кичик саноат зоналарига 2020 йил 9 мартгача жойлаштирилган тадбиркорларнинг ерлари;
· Давлат ордери билан хусусийлаштирилган;
· Ҳоким қарори билан мулк ҳуқуқи эътироф этилган бинолар ва уйлар эгаллаган ерларни ўз ичига олади.
“Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонун минглаб, миллионлаб юртдошларимиз кутаётган ҳуқуқий асос бўлди.
Йиллар давомида фуқаролар яшаб келаётган уй-жоларини ҳужжатлаштириб олмаганлиги сабабли жуда катта муаммоларга сабаб бўлиб келган, яъни доимий яшаш учун рўйхатга киритишни имкони йўқлиги, мерос олишда ҳужжатларни расмийлаштирилмаслик ва бошқа ҳолатлар.
Ушбу халқпарвар сиёсат фуқароларнинг ҳаётига ижобий таъсир кўрсатади. Уларда ўз уй-жойини қонуний расмийлаштириб олиш, бошқа шахсга сотиш, оила аъзоларини доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи пайдо бўлади. Шунингдек, мулкдорлар энди бу уйларини таъмирлаш ёки қўшимча қурилиш қилиш учун имтиёзли кредитлар олиши, уй-жой жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиладиган ҳолларда, қонунга мувофиқ компенсация талаб қилиши мумкин бўлади.
Умуман, бу жараён ижтимоий ва иқтисодий режалаштириш учун асос бўлиб, инфратузилма ва ресурслардан тенг фойдаланишни таъминлайди. “Бу нима беради?” деган саволга қуйидагича жавоб бериш мумкин:
1. Ноқонуний қурилишлар сонининг қисқариши. Ер участкаларини қонунийлаштириш ерни бошқаришни соддалаштиради.
2. Солиқ тушумларини ошириш. Рўйхатга олинган участкалар бюджет даромадларини оширади.
3. Аниқ режалаштириш. Аҳоли ва кўчмас мулк ҳақидаги маълумотлар инфратузилмани ривожлантиришга ёрдам беради
“Бино ва иншоотларнинг ихтисослашишини ўзгартириш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ҳамда ўз ҳудудида қўшимча бино ва иншоотларни қуришни лойиҳалаштиришга рухсатнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг” маъмурий регламентига мувофиқ бино ва иншоотларнинг ихтисослашишини ўзгартириш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ҳамда ўз ҳудудида қўшимча бино ва иншоотларни қуришни тегишли рухсатномасиз амалга ошириш таъқиқланади.
Бунинг учун ариза берувчи кадастр паспортини олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки my.gov.uz порталида (ЯИДХП) давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади. Ариза берувчилар ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, Давлат хизматлари марказлари ходими — ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса, белгиланган шаклдаги сўровномани электрон шаклда мустақил тўлдиради. Учинчи шахслар манфаати учун ҳаракат қилаётганда, сўровномага белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома илова қилинади. Сўровномага кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.
Кадастр (йиғмажилди) паспорти йўқолганда (яроқсиз ҳолга келганда), қоғоз ёки пластик шаклда янги кадастр паспорти икки иш куни мобайнида берилади.
Кўчмас мулк тарихига оид маълумотлар, бу кўчмас мулкни номи, жойлашган манзили, қурилган йили, майдонлари ҳақидаги маълумотлар шу билан бирга кўчмас мулкка бўлган амалдаги ҳамда аввалги ҳуқуқлар, давлат рўйхатидан ўтказилган сана, ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлар тури, ким томонидан берилганлиги, санаси ва рақами тўғрисидаги маълумотлар ҳамда ушбу кўчмас мулк объекти бўйича чекловлар ҳақидаги маълумотлардан иборат ҳужжат тақдим этилади.
Ушбу маълумотнома муайян бир кўчмас мулкни аввалги майдонлари ҳақидаги маълумотларни ёки аввалги илк бор қандай ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатларга асосан давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақида маълумотлар акс этган бўлиб хар хил низоли масалаларни вужудга келганда ҳам қўлланилиши мумкин.
Ушбу маълумотнома Давлат кадастрлари палатасининг тегишли ҳудудий бошқармалари томонидан берилади. Маълумотномани олиш учун Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза билан мурожаат этилганда ёки Кадастр агентлигининг davreestr.uz веб-сайти электрон тизим орқали ҳам тақдим этилади.
Маълумотнома олиш учун тўловлар мавжуд, яъни Давлат хизматини кўрсатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида йиғим ундирилади. Маълумотномани тақдим этиш муддати уч иш кунини ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 ноябрдаги 612-сонли қарори билан тасдиқланган маъмурий регламентга асосан, фуқаронинг номида турар жой мавжуд ёки йўқлиги ҳақида маълумотномани олиш учун Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат этиш лозим.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги 200-сонли қарори билан тасдиқланган маъмурий регламентларга асосан қуйидаги тартибда амалга оширилади:
бино ва иншоотларни қуришни лойиҳалаштиришга рухсатнома расмийлаштирилади;
Қурилиши белгиланган бино ва иншоотларни лойиҳаси ишлаб чиқилади ва келишилади;
Қурилиш ишлари амалга оширилганидан сўнг кўчмас мулк объектини фойдаланишга қабул қилиш рухсатномаси расмийлаштирилади;
Ўзбекистон Республикасининг “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги” қонунга ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 сентябрдаги 535-сонли қарори билан тасдиқланган маъмурий регламентларга асосан, кўчмас мулк объектини кадастр паспорти расмийлаштирилади ва унга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилади.
жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган мурожаат, шунингдек уни идентификация қилиш имкониятини бермайдиган электрон мурожаат ёхуд имзо билан тасдиқланмаган ёзма мурожаатлар аноним мурожаатлар ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунининг 26-моддасига асосан, аноним мурожаатлар кўриб чиқилмайди.
Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун турар жой объектини нотурар жойга ихтисослаштириш мақсадга мувофиқ.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги 200-сон қарори билан тасдиқланган маъмурий регламентга асосан, турар жой яъни яшаш хонани нотурар жой тоифасига ўтказиш мумкин.
Турар жой нотурар жойга қайта ихтисослаштирилганидан сўнг ўрнатилган тартибда кадастр паспорти расмийлаштирилиб унга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 июлдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган “Кўчмас мулк объектларининг давлат кадастри соҳасида давлат хизматлари нархларини белгилаш” тартибига асосан, кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда тўловлар белгиланган.
Ушбу тартибга асосан, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳлар ногиронлари ва Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари учун давлат хизматлари нархи хизматлар умумий қийматининг 50 фоизини ташкил қилиши кўрсатилган бўлиб, лекин ушбу имтиёз тадбиркорлик фаолияти мақсадларида мурожаат этилганда татбиқ этилмайди.
Агар кўчмас мулк объектида ўзгаришлар (қайта қуриш (реконструкция)) мавжуд бўлмаса кадастр паспортини қайта расмийлаштириш мажбурий эмас.
Ўзбекистон Республикасининг Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги қонунига мувофиқ, турар жой, квартира нотариал тартибда олди сотди қилинганидан сўнг ўша нотариал идора томонидан сотиб олинган квартирага мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш учун мурожаат электрон тизим орқали юборилади ва ўша нотариал идорани ўзидан ҳуқуқни рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақида Давлат реестрдан кўчирма тақдим этилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 июлдаги 186-сон қарори билан тасдиқланган “Кўчмас мулк объектларининг давлат кадастри соҳасида давлат хизматлари нархларини белгилаш” тартибига асосан, турар жойга бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказишдаги тўлов миқдорлари қуйидагича:
умумий майдони 100 квадрат метргача бўлган турар-жой учун Базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,25 баравари;
умумий майдони 100 квадрат метрдан 300 квадрат метргача бўлган турар-жой учун Базавий ҳисоблаш миқдорининг 2,0 баравари;
умумий майдони 300 квадрат метрдан ортиқ бўлган турар жой учун Базавий ҳисоблаш миқдорининг 3,0 баравари.
Кўчмас мулкнинг бир қисми бегоналаштирилганидан сўнг, қолган қисмига кадастр паспортини қайта расмийлаштиришда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 июлдаги қарори билан тасдиқланган “Кўчмас мулк объектларининг давлат кадастри соҳасида давлат хизматлари нархларини белгилаш” тартибининг изоҳлар қисмининг 2-бандига асосан тўлов ундирилмайди.
Кўчмас мулкка кадастр паспортини расмийлаштириш учун ушбу кўчмас мулкка ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда давлат хизматлари марказ ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза билан мурожаат этилади.
Турар жойга кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 июлдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган “Кўчмас мулк объектларининг давлат кадастри соҳасида давлат хизматлари нархларини белгилаш” тартибига асосан тўлов миқдорлари белгиланган:
Турар жойга кадастр паспортини расмийлаштириш учун Объектнинг 1 квадрат метр майдони учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,15 фоизида тўлов белгиланган;
Кўчма савдо дўконлар капитал қурилма ҳисобланмаслиги сабаби кадастр паспорти расмийлаштирилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 сентябрдаги 535-сонли қарори билан тасдиқланган маъмурий регламентга асосан, Кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар вужудга келганда, бошқа шахсга ўтганда, бекор бўлганда ёки кўчмас мулк объектининг ҳуқуқий ҳолати ўзгарганлигини тасдиқлаш ёки қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича мурожаат қилинганда, ариза берувчининг ихтиёрига кўра қоғоз ёки пластик шаклдаги кадастр паспорти берилади.
кўп йиллик дарахтларга— боғлар, токзорлар, тутзорлар ва бошқа ўрмон дарахтлари киради.
Ўзбекистон Республикасининг “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги Қонунининг 39-моддасига асосан,
Кўп йиллик дов-дарахтларга бўлган мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш учун қуйидаги ҳужжатлар асос бўлади:
қишлоқ хўжалиги органларининг кўп йиллик дов-дарахтларни фойдаланиш учун қабул қилиш тўғрисидаги далолатномаси;
ер участкасини ижарага бериш шартномаси.
2) кўп йиллик дов-дарахтларга бўлган мулк ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтишини давлат рўйхатидан ўтказиш учун:
кўп йиллик дов-дарахтларнинг олди-сотдиси, ҳадя қилишга, айрибошлашга оид нотариал тартибда тасдиқланган шартнома;
мерос гувоҳномаси
суд қарорлари
Қуйидаги ер участкалари иккиламчи ижарага берилмайди:
деҳқон ва томорқа хўжаликлари берилган ер участкалари (Ер кодекснинг 243-моддасига мувофиқ вақтинча фойдаланишга берилиши мумкин);
жамоа боғдорчилиги, полизчилиги ва узумчилиги учун берилган ер участкалари;
инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ижарага берилиб, фойдаланишга киритилмаган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари.
Хусусийлаштирилаётган ер участкасини сотиб олиш қиймати қуйидаги формула орқали ҳисобланади:
а) юридик шахсларга доимий фойдаланиш (эгалик қилиш) ёки ижара ҳуқуқи асосида берилган ер участкалари учун:
С = Кюр х S + В + Т;
б) умрбод мерос қилиб қолдирилган, доимий фойдаланиш (эгалик қилиш) ёки ижара ҳуқуқи асосида Ўзбекистон Республикаси фуқароларига тегишли ер участкалари учун:
С = Кжис х S + В + Т;
бунда:
С — хусусийлаштирилаётган ер участкасининг сотиб олиш қиймати (сўмда);
Кюр, Кжис — юридик ва жисмоний шахслар учун сотиб олиш қийматини аниқлашда ўша кунда белгиланган базавий солиқ ставкасининг Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 10 баравари, бошқа ҳудудларда 5 баравари (1 квадрат метр учун сўмда);
S — хусусийлаштирилаётган ер участкасининг майдони (квадрат метрда);
В — Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат кадастри соҳасида давлат хизматлари нархларини белгилашда табақалаштирилган ёндашув тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2014 йил 10 июлдаги 186-сон қарори билан давлат реестридан кўчирмани бериш ва кўчмас мулк объектларини рўйхатга олиш хизматларига белгиланган ставкалар асосида (сўмда);
Т — бир гектар ер майдони учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари ҳисобидан келиб чиқиб ҳисобланадиган ер участкаси ва унга туташ ҳудуднинг топографик режасини тайёрлаш учун тўлов миқдори (сўмда).
давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини, ижтимоий шериклик тўғрисидаги келишувлар ва шартномаларни амалга ошириш учун берилган, шунингдек юридик шахсларга жамоат эҳтиёжлари учун берилган ер участкалари хусусийлаштирилмайди.
шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг умумий фойдаланишдаги ерлари яъни майдонлар, кўчалар, тор кўчалар, йўллар, соҳил бўйлари, скверлар, хиёбонлар, истироҳат боғлари ер участкалари хусусийлаштирилмайди.
ер участкасини хусусийлаштириш — давлат мулки бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасини Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ва (ёки) юридик шахсларининг мулкига ўтказишни англатади.
Ер участкаларини хусусийлаштириш пулли асосда амалга оширилади.
Муддатли фойдаланиш ҳуқуқи билан берилган ер участкаси хусусийлаштирилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 84-моддасига асосан Кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, бу ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.
Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 681-моддасига асосан Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органга ер участкасига, бино ва иншоотга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик, —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари, мансабдор шахсларга эса — ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.
Агар ер участкасини ажратиш (реализация қилиш) тўғрисидаги 2021 йилнинг 1 августига қадар қабул қилинган ҳужжатларда ер участкасига бўлган ҳуқуқ тури кўрсатилмаган бўлса, бинолар ва иншоотлар қурилиши учун берилган ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилади.
Ер участкаси қайта хусусийлаштирилмайди.
Ер участкасига мулк ҳуқуқи янги мулкдор номига қайта давлат рўйхатидан ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 13-августдаги “Андижон вилоятининг Асака ва Шаҳрихон туманларида кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги 520-сон қарорига асосан, хатлов натижасига кўра аниқланган Андижон вилоятининг Асака ва Шаҳрихон туманларида кўп йиллар давомида фуқаролар томонидан фойдаланилиб келаётган ва ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлари мавжуд бўлмаган турар жойлар (кейинги ўринларда — аввал қурилган турар жойлар) жойлашган ер участкасига ижара ҳуқуқи ҳамда бино ва иншоотларга мулк ҳуқуқини эътироф этиш ишлари амалга оширилган.
Ушбу қарорга асосан, ер участкасига нисбатан ижара шартномасини тузиш талаб этилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 22-моддасига асосан, Корхонага, бинога, иншоотга, кўп йиллик дов-дарахтларга ёки бошқа кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқи, хўжалик юритиш ҳуқуқи ёки оператив бошқарув ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган тақдирда, ушбу объектлар билан биргаликда мазкур объектлар банд этган ҳамда улардан фойдаланиш учун зарур бўлган ер участкасига доимий эгалик қилиш, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, ундан доимий фойдаланиш ва ижара ҳуқуқи ҳам ўтади.
Ер участкаларини хусусийлаштириш учун ариза берувчилар ер участкаси жойлашган тегишли ҳудуддаги Давлат хизматлари марказларига ўзлари келган ҳолда мурожаат қиладилар ёки давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтадилар.
Ер участкасини хусусийлаштириш тўғрисидаги аризага қуйидагиларнинг сканер қилинган нусхаси илова қилиниши керак:
белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома (ариза берувчининг вакили мурожаат қилган ҳолларда);
юридик шахснинг тегишли бошқарув органининг ер участкасини хусусийлаштириш тўғрисидаги қарори (ариза берувчи — юридик шахснинг таъсис ҳужжатларига мувофиқ зарур бўлса).
Ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этилиб, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритиш ишлари амалга оширилиб келинмоқда.
Ер участкаларини сотиш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш ва ваколатли органлар ва ташкилотлар билан келишиш тартиботларини амалга ошириш «YERELEKTRON» автоматлаштирилган ахборот тизимида амалга оширилади.
Электрон онлайн-аукцион ташкил этиш ва ўтказиш учун зарур ахборотни киритиш, сақлаш ва қайта ишлаш, шунингдек, истаги бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг бундай аукцион жараёнига кириш ва уларда қатнашиш имконини таъминлайдиган «E-AUKSION» электрон савдо платформаси яратилган бўлиб барча жараёнлар автоматлаштирилган бўлиб, инсон омили иштироки талаб этилмайди.
Тадбиркорлик фаолияти учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 феврал 71-сонли қарорига билан тасдиқланган “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан, аукцион орқали ажратилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 16-моддасига асосан ер давлат мулки — умуммиллий бойликдир, ундан оқилона фойдаланиш зарур, у давлат томонидан муҳофаза этилади ҳамда олди-сотди қилинмайди, айирбошланмайди, ҳадя этилмайди, гаровга қўйилмайди, Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган ҳоллар бундан мустаснодир.
Ажратилган ер участкасида тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ қурилиши бошланган, лекин кўрсатилган муддатда тугалланмаган ёки қурилиши тугалланган, бироқ қурилишни (реконструкция қилинишни) қабул қилиб олиш далолатномаси (фойдаланиш учун рухсатнома) асосида фойдаланиш учун қабул қилиб олинмаган бинолар ва иншоотлар қурилиши тугалланмаган объектлардир.
Қурилиши тугалланмаган объектларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, агар тегишли лойиҳа ташкилоти бу объектларнинг қурилиши бошланганлигини тасдиқласа, рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан амалга оширилади. Бунда бинонинг ва иншоотнинг пойдеворини ҳамда биринчи қавати деворларини тиклаш якунланганлиги қурилишни бошланган деб топиш учун асос бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 июлдаги 186-сон қарори билан тасдиқланган “Кўчмас мулк объектларининг давлат кадастри соҳасида давлат хизматлари нархларини белгилаш” тартибига мувофиқ, кадастр паспортини расмийлаштириш ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун тўлов миқдорлари белгилаб қўйилган.
Кадастр ҳужжатлари яъни кўчмас мулкни ҳисобга олиб, унга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақида мулкдорга икки хил шаклдаги ҳужжатлар тақдим этилади. Булар, биринчиси кўчмас мулк объектини кадастр паспорти ва иккинчиси, мулкдорнинг ушбу кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақида Давлат реестридан кўчирма ҳисобланади.
Кўчмас мулкнинг кадастр паспортига ўзгартишлар киритиш учун қуйидагилар асос бўлади:
ер участкасининг чегараси ўзгарганлиги (чизиқларнинг узунлиги, ер участкасининг бурилиш нуқталари сони ёки унинг чегарасининг бурилиш бурчаклари ўзгарганлиги, бунда кадастр рақами ва ер участкасининг мўлжалланган мақсади ўзгармайди);
бинонинг, иншоотнинг юқори қавати, уйга туташ қисм, алоҳида жой қурилганлиги ва фойдаланишга топширилганлиги;
бинонинг, иншоотнинг қайта қурилганлиги ва фойдаланишга топширилганлиги;
бинонинг, иншоотнинг, қурилиши тугалланмаган объектнинг бир қисми бузилганлиги (вайрон бўлганлиги) ёки йўқ қилинганлиги;
кўчмас мулкнинг мўлжалланган мақсади ўзгарганлиги;
қурилиши тугалланмаган объектнинг қурилиши тугалланганлиги ва фойдаланишга топширилганлиги.
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ тури ёки ҳуқуқ эгаси ўзгарганда кадастр паспорти ўзгартирилмайди. Кўчмас мулкнинг бир қисми бошқа шахсга ўтказилганда ёки унга ўзгартишлар киритилганда (реконструкция қилиш, қўшимча иморат қуриш ва (ёки) алоҳида иморат қуриш), кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш кўчмас мулкнинг кадастр йиғмажилди шакллантирилганидан ва кадастр паспорти берилганидан кейин амалга оширилади.
Ўзбекистон Респубикаси “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги қонунининг асосий принципларидан бири бўлган, яъни, Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг мажбурийлиги принципига мувофиқ, Кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, бу ҳуқуқлар юзага келганлиги, бошқа шахсга ўтганлиги, чекланганлиги ва бекор қилинганлиги давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилмай туриб ушбу кўчмас мулк билан ҳаракатларни (олди-сотди, ҳадя, ижарага бериш, ипотека олиш) амалга ошириш мумкин эмас.